fcnasaf.uz

  11 Aug 2017 Янгиликлар, ЎзПФЛ янгиликлари

Самога сочилган юлдузлар. Улар ҳамон ёдимизда!

Мазкур мақола ўзининг долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайди... Уни ҳар йили чоп этаверамиз... ... Бу қаҳрамонларимиз балки жаҳон футболида катта ўрин тутмаслар. Аммо ҳар бир ўзбек ишқибози уларни қалбининг тўрида сақлайди, уларни қумсаб яшайди. 38 йил бўлибди... Ўша машъум воқеада биздан 17 киши қурбон бўлган эди. 11 август 1979 йил, соат 13 дан 35 дақиқа 38 сония ўтган, Тошкент – Гурьев – Донецк – Минск рейси, №65816 рақамли борт, Челябинск – Кишинев рейси, №65735 рақамли борт, учуш баландлиги – 8400 м, умумий пассажирлар сони – 178 та, улардан 17 таси «Пахтакор» клуби вакиллари эди...

СЕРГЕЙ ПОКАТИЛОВ Сергей асли ашхободлик бўлиб, маҳаллий «Строитель» жамоасида беш йил тажриба тўплаганди. 1973 йилда олий лигага қайтган «Пахтакор» ушбу дарвозабонни ўз таркибига жалб қилади. Мураббийлик соҳасига ўтган машҳур дарвозабон Юрий Пшеничниковга ворис ўлароқ қабул қилишади ва Сергей бу ишончларни оқлайди. Дарвозабон 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги орқага чекинишга йўл қўймайди ва орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасидан бошлаб асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади.

ЮРИЙ ЗАГУМЕННИХ «Пахтакор»даги фаолиятидан олдин Юра жудаям оғир жароҳат олганди. Муолажа столига ётган футболчини шифокорлар зўрға хаётини сақлаб қолишади. Аммо бу хаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади ва унга пенсия тайинланади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади. Юрий Загуменних мисолида биз ҳақиқий эркакча ирода, ҳар қандай ишга бўлган муносабат ва садоқатнинг тимсолини кўришимиз мумкин.

ВЛАДИМИР МАКАРОВ 13 ёшидан бошлаб Душанбеда футбол ўйнай бошлади, кейин эса «Энергетик» сафида майдонга тушди. Анча тажриба тўплагач Одессанинг «Чернаморец» жамоаси сафидан жой олди. Ҳатто ярим ҳимоячи бўлишига қарамасдан, 1976 йилда 13 гол билан жамоанинг мавсумдаги тўпурари ҳам бўлганди. Макаров «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди.

ОЛИМ АШИРОВ «Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Ҳимоячи бўлишига қарамасдан, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир нечта муҳим голлар муаллифига айланганди. Унинг ЦСКА ва «Динамо» (Минск) каби жамоалари дарвозасига киритган ҳал қилувчи голлари кўпчиликнинг эсидан чиқмаган бўлса керак. Марказий ҳимоячи сифатида ҳам жуда ишончли ўйнарди, жамоа тарихидаги энг яхшилардан бири дейишимиз мумкин.

НИКОЛАЙ КУЛИКОВ Футболдаги илк қадамларини Москвада қўйганди, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб «Хонқа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатди. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинди ва ҳимоячи сифатида жамоанинг олий лигага қайтишида ўз улушини қўшди. Ўша мавсумда Ленинградда (Санкт Питербург) маҳаллий «Динамо» жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритганди.

РАВИЛ АГИШЕВ Футболчи сифатида Бухорода тарбия топган, 16 ёшида эса «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлади. 1978 йилдан бошлаб эса асосий таркиб ўйинларида майдонга туша бошлади. «Пахтакор» таркибидаги ягона голини эса Ростовда СКА клубига қарши ўйинда киритганди, ўшанда тошкентликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонгандилар.

ШУҲРАТ ЭШБЎТАЕВ 1978 йилги ўринбосарлар таркибидаги сермаҳсул ўйинлари орқали мураббийлар назарига тушганди. Асосий таркибда ҳам йўқолиб қолмади, асосан захирадан майдонга тушганлигига қарамасдан учта гол муаллифига айланганди. Ҳар учала голини сафардаги ўйинларда киритган ва ҳали ўзбек мухлисларини олқишларига сазовор бўлиб улгурмаганди. Яхшигина техникага ва шижоатга эга бўлган футболчи ўзбек футболининг келажаги деб эътироф этилаётганди.

ВЛАДИМИР СОБИРОВ Уни ўша пайтларда Хоразмнинг «Хонқа» жамоасининг бош мураббийи Сергей Доценко тавсия қилганди. «Пахтакор»да ҳам у йўқолиб қолмади, аста секин асосий таркибга кириб бораётган эди. Унинг ўғли Олег Собиров ҳам футболчи бўлиб етишди ва олий лигадаги бир нечта жамоаларда, шунингдек Қозоғистонда ўйнади. Ҳатто мамлакат Олимпия терма жамоасига ҳам жалб қилинганди.

СИРОЖИДДИН БОЗОРОВ Самарқандлик бу футболчи «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга тушарди. Ўринбосарлар таркиби бир кун олдин Минскка учиб кетиб улгурганди. Унинг ишончи ўйинлари эвазига мураббийлар асосий таркибда синаб кўришни мақсад қилгандилар ва ўша куни биринчи марта асосий таркиб билан бирга самолётга ўтирганди. Минскда ўз дебютини кутаётган ёш футболчининг хаяжони ва қалбидаги қувончини тасаввур қилиш осон ва... ва аламли. Тақдир экан.

ВИКТОР ЧУРКИН 1976 йилда таркибга қўшилган ва асосий таркибнинг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди. Чунки у бунгача олий лига баҳсларида тажриба тўплаб улгурган ва ҳатто СКА (Ростов) таркибида мамлакат кубоги финалида майдонга тушганди. Юқори техникага эга эди, жамоавий комбинацияларда ҳам фаол қатнашар, йўқ жойдан вазият яратиш ва уни голга айлантиришга уста эди. Фёдоров, Ан каби фтуболчилар орасида ҳам йўқолиб қолмаганди, ҳали жуда кўп голлар киритишга қодир эди.

КОНСТАНТИН БАКАНОВ «Пахтакор»даги илк ўйинини 1972 йилда, 18 ёшида ўтказганди. Истеъдодли футболчи, футбол мактабида унинг илк устози «Пахтакор»нинг 60-йиллардаги ҳимоячиси Акмал Азизхўжаев ҳисобланади.

АЛЕКСАНДР КОРЧЕНОВ Жамоанинг етакчиларидан бири, қийин вазиятларда ўзида куч топиш ва жамоани олдинга бошлаш қобилиятига эга эди. У «Пахтакор» таркибида 200 га яқин ўйинларда майдонга тушди ва мухлисларнинг севимли футболчисига айланганди. Юқори тезлик соҳиби ва қанотлардан жарима майдонига тўпни аниқ ва хавфли тарзда етказиб бериш қобилияти билан ном қозонганди. «Пахтакор» га садоқатли эди.

МИХАИЛ АН Нафақат «Пахтакор», бутун мамлакатда тан олинган, ном қозонган футболчи эди. Тошкент вилоятининг Свердлов жамоа хўжалиги болалар футбол жамоасида футболни бошлаганди. «Пахтакор» таркибига эса 1971 йилда қўшилган. Унинг майдонни кўра олиши, стандарт вазиятларни аъло даражада амалга ошириши ва энг асосийси майдонда ақл билан тўп суриши барчани ўзига жалб қиларди ва уни «Профессор» деб ҳам аташарди. У Собиқ Иттифоқ ёшлар терма жамоасига ҳам жалб этилган ва жамоа сардори этиб сайланганди. Жамоа Европа чемпиони бўлганда, кубок айнан Михаил Аннинг қўлига топширилганди. Уни жуда кўп жамоалар ўз таркибида кўришни хоҳлаган, аммо Михаил Тошкентдан ҳеч қаерга кетмаган..

ВЛАДИМИР ФЁДОРОВ Унинг футбол йўли Ан билан бирга бошланган. Кейин эса Титов номидаги футбол мактабида таҳсил олди, ўсмирлар терма жамоасига жалб қилинди. У ҳам 1976 йилда Европа чемпиони бўлган ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга утшганди ва Ан билан биргаликда жамоа етакчиси эди. Жуда кўп муҳим голларни киритганди, матбуот ва мухлислар томонидан юксак олқишга сазовор бўлганди. У «Пахтакор»да ўйнаган ўйинчилар орасида энг кўп терма жамоага жалб қилинган футболчи эди. Тошкентликлар 1-лигага тушиб кетганларида ҳам, Лобановский уни термага чақиришни тўхтатмаганди. Ҳатто 1976 йилда у 1-лигада ўйнаб туриб ҳам, мамлакатнинг энг яхши 33 футболчиси руйхатига киритилганди. У 24 ёшидаёқ жуда кўп нарсага эришган, барча тарафидан тан олинган футболчи эди. У яна жуда кўп совринларни қўлга киритиши мумкин эди, аммо...

ИДГАЙ ТАЗЕТДИНОВ «Пахтакор» ташкил қилинган йиллардан бошлаб жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган, 1960 йилда олий лигага чиққанда эса ҳатто жамоа сардори эди. У барқарор, масуълиятли ўйнарди, ҳар жиҳатдан «метр» таърифига тўғри келарди. Футболчиликни тугатгач, мураббийлик соҳасида ишлай бошлади ва нимадир уни «Пахтакор»га доим тортарди. У жамоага қайтди ва иккинчи мураббий сифатида ишлай бошлади. Ўша «нимадир» уни орамиздан олиб кетди. Аммо қалбимиздан эмас.

Шунингдек жамоа администратори Мансур Толибжонов ва врач Владимир Чумаковлар ўша мудҳиш авиаҳалокат қурбонига айлангандилар. Ёш авлод учун юқорида ёзилган сатрлар балки анча оддий туюлар, жалб ҳам этмас. Лекин аниқ биламанки, ўша жамоанинг ўйинини кўриш бахтига муаяссар бўлган мухлисга бошқача таъсир қилади. Бунақалар жуда кўп.

Катталар айтиб беришади кўпинча, ўша воқеадан кейин янги тузилган «Пахтакор» Тошкентда илк учрашувни «Динамо» (Тбилиси)га қарши ўтказган экан. Ўша ўйин олдидан суҳандон ҳалок бўлган таркибни бирма-бир ўқиган ва ҳар бирининг исми айтилганда, унинг рақамидаги футболчи майдонга тушиб келган экан. Ўзини зўрға тутиб турган суҳандон Фёдоровнинг исмини ўқиётиб чидай олмаган, уввос солиб йиғлаб юборган. Бутун стадион унга жўр бўлган. Ҳамма йиғлаган. Ҳамма. Улар бунга арзирдилар. Ҳаммалари...

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

 (Маҳмуд Асрор)

Парвоз қани, қани қанот қоқишлар,

Мовийликда булут бўлиб оқишлар??

Ўттиз йилки юракларим эзилар,

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

Тинглади дил чин айрилиқ куйини,

Кўрмадилар футболимиз тўйини!

Дилни тирнар бугунгилар ўйини,

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

Ер билан бир айлабон ҳар учтасин,

Тирнаб гўё одамий қалб – каштасин,

Узиб, янчиб мустаҳкам дил риштасин,

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

Демасман, Баджо ё Канни соғиндим,

Балки вужуддан бир танни соғиндим,

Ўзбек бўлиб кетган Анни соғиндим,

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

Тўпни тамом ўз ёнига оғдириб,

Киевнинг тўрига голлар ёғдириб,

Блохинни хўп йиғлатган Фёдоров...

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар!

Футбол надир, бу миллатга алам- ей,

Йиғла, халқим, улар сенга хўп кам- ей!

Мендан кичик Сирожиддин акам- ей,

Кўкка учиб, қайтмай кетган оққушлар! ...

Кўкка учиб қайтмай қайтмай кетган оққушлар,

Қайга кетди, бизга кулиб боқишлар?

Мустақил юрт либосида тўп суриб,

Мадҳияни айтмай кетган оққушлар!

Манба: www.uff.uz