06 Mar 2019 Янгиликлар, "Насаф"га оид асосий хабарлар
А.Неъматов: «Насаф» билан юқори чўққиларни забт этмоқчиман”
«Насаф» футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланган Абдувоҳид бу йил илк бор Суперлигада дебют қилади. Абдувоҳид Неъматов ўтган мавсумда Суперлига U-18 жамоаси билан олтин медалларни қўлга киритиб, бош жамоамиз мураббийлари эътиборини қозонди. Ёш дарвозабонимиз янги мавсум олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Янги мавсумда дебют қилишингиз кутилмоқда. Ундан нима кутмоқдасиз?
- Насиб қилса янги мавсумда менга юклатилган вазифани бажариб, мураббийлар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Улар берган кўрсатмаларини тўғри бажарсам, мухлислар ҳам мендан хурсанд бўлишади деган умиддаман.
- Жамоамизга келиб қўшилишингиз тўғрисида ҳам икки оғиз сўзлаб берсангиз...
- «Насаф» футбол мактабига 2014 йилда келганман. Озод Бердиев ва Азамат Алиқулов қўли остида 2001 йилда туғилган тарбияланувчилар билан бирга футбол сир асрорларни ўргандик.
- Мана сиз тажрибали мураббийлар қўл остида шуғулланмоқдасиз. Ўзингизни кучли ва кучсиз тарафларингиз айтиб бера оласизми?
- Бу нарса ҳақида бир нарса дейишим қийин. Камчиликларимиз устида мураббийлар билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз.
- Футболдаги кумирингиз ким?
-Жаҳон футболидан Мар-Андре тер Сетегн (Барселона), Ўзбек футболида эса Игнатий Нестеров ва Санжар Қувватов, - дейди Абдувоҳид Неъматов.